Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг
Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси
w w w . s a m g k k . u z

 

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – БУТУН ЖАМИЯТ ИШИ

       Коррупцияга доир жиноятлар инсоният тарихи каби қадимий эканлигини ҳаммамиз ҳам тасаввур қилмаймиз. Милоддан олдин ижод этган юнон файласуфи Аристотель бундай жиноятларнинг олдини олиш ҳақида “Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими – бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин”, – деган эди.

          Пора олиш ва бериш Қадимги Римда амал қилган қонунларда тилга олинган. Ибтидоий ва илк синфий жамиятларда коҳинга, қабила оқсоқолига ёки ҳарбий бошлиққа муайян имтиёзни қўлга киритиш учун ҳақ тўлаш табиий бир ҳол сифатида қаралган. Давлат аппаратининг мураккаблашуви ва такомиллашувига қараб вазият ҳам ўзгариб борган.

       Коррупция ҳақидаги энг қадимги қайдлардан бирига қадимги Бобилнинг миххатда ёзилган битикларида дуч келинган. Милоддан аввалги учинчи минг йилликнинг ўрталарига тааллуқли бўлган матнларда айтилишича, шумер подшоси Урукагин ўша замонлардаёқ қонунга хилоф ҳақ олишга ружу қўйган судьялар ва амалдорларнинг қонунбузарликларига чек қўйиш муаммосини ечиш йўлларини излаган.

       Шунга ўхшаш масалаларга қадимги Миср ҳукмдорлари ҳам дуч келган. Археологик тадқиқотлар жараёнида топилган ҳужжатлар милоддан аввалги 597-538 йилларда, яҳудийлар Бобил подшоси томонидан асирга олинганидан кейинги даврда, Иерусалимда коррупция айниқса авж олганидан далолат беради.

        Профессионал давлат амалдорлари ҳали мавжуд бўлмаган антик жамиятлар тарихининг илк босқичларида коррупция деярли бўлмаган. Бу ҳодиса антик давр таназзулга юз тутган босқичдагина вужудга келган. Бу даврда коррупция домига илинган давлат амалдорлари ҳақида: “У бой вилоятга камбағал бўлиб келиб, камбағал вилоятдан бой бўлиб кетди”, дейишган. Айни шу даврда рим ҳуқуқида "corrumpire" деган махсус атама пайдо бўлган, у “бузиш”, “пора эвазига оғдириш” ибораларининг синоними ҳисобланган ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилишнинг ҳар қандай кўринишларини ифодалашга хизмат қилган.

         Марказий ҳукумат ҳокимияти заиф бўлган жойларда (масалан, илк ўрта аср даврида Европада) хизмат мавқеидан аҳолидан ўз чўнтагига ҳақ ундириш учун фойдаланиш аксарият ҳолларда умум эътироф этилган меъёрга айланган.

     Давлат марказлашгани сари у фуқароларнинг мустақиллигини қаттиқроқ чеклаган ва шу тариқа қуйи ва олий бўғин амалдорларига қаттиқ назоратдан қутулишни истаган фуқаролар фойдасига қонунни хуфёна бузишга туртки берган. Коррупция домига илинган амалдорларни бошқаларга дарс бўлсин учун оломон кўз ўнгида жазолашлар одатда ҳеч қандай самара бермаган, чунки амалдан четлатилганлар (лавозимидан олинганлар ёки қатл этилганлар) ўрнини янги порахўрлар эгаллаган. Марказий ҳокимият амалдорлар фаолияти устидан ялпи назорат ўрнатиш учун одатда зарур куч ва воситаларга эга бўлмагани боис, у коррупциянинг ўта хавфли кўринишларинигина жазолаш билан кифояланган.

          Ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган давлатларда қабул қилинган одат ҳуқуқи меъёрлари асосан замирида ислом маданияти принциплари ётувчи қонунчилик анъаналари билан белгиланган. Хусусан, Амир Темур давлатида амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Ҳалил Султонлар юқорида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилганлар.

      Ўша даврда Ўзбекистон ҳудудидаги феодал жамиятларда ҳозирги талқиндаги коррупция учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Шунга қарамай, Ўзбекистон Россия томонидан истило қилинган давргача коррупция қонунийлаштирилган институционал шаклларда намоён бўлган, хусусан ҳукмрон давраларнинг вакилларига у ёки бу тарзда ҳақ бериш феодал мажбурият хусусиятини касб этган. Масалан, оддий деҳқонлардан хонлар, султонлар, бийлар ва зодагонларнинг бошқа вакиллари фойдасига мунтазам равишда “ушур” солиғи – ҳосилнинг ўндан бир қисми ундирилган. Чорвадорлар “закот” солиғи тўлаганлар – бу солиқ миқдори у ёки бу турдаги чорва молининг муайян бошига тенг бўлган. Бундан ташқари, зодагонларнинг вакилларига ва оқсоқолларига ҳар хил турдаги совға-саломлар берилиши лозим бўлган.

        Туркистон чор Россияси томонидан босиб олинган даврда Туркистон генерал-губернаторлигида русийзабон аҳоли учун фуқаролик ишлари бўйича судлар, ўзбеклар ва тожиклар учун қози судлари, қирғизлар, қорақалпоқлар ва туркманлар учун бий судлари мавжуд бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари асосан юристлар бўлган, қози лавозимига тегишли маълумотга эга, ислом ҳуқуқини яхши биладиган уламолар, бий лавозимига - одат ҳуқуқи билимдонлари тайинланган.

       Туркистонда рус мустамлакачилари ҳукм сурган даврда бу ерда коррупция айниқса кучайган. Бу жиноятнинг кейинги даврларда янги босқичларга лўтарилиши унинг яшовчанлигидан далолатдир.

      Коррупция жиноятлари одатда фаол ҳаракат ёки баъзида, ўзига юклатилган вазифаларни қасддан бажармаслик – ҳаракатсизлик билан ҳам содир этилади. Бу каби жиноят ишларининг аксариятида чиқарилган ҳукмларда ҳаракатнинг айнан хизмат вазифаси билан боғлиқлиги унинг қонунда белгиланган давлат ёки жамоат аппарати тегишли тармоқларининг нормал ишлашини таьминловчи қонун ҳужатларининг бузилганлиги, ўзининг бошқарув, хўжалик фаолияти ва бошқа вазифаларини бажарилишига жиддий тўсқинлик қилганлиги оқибатидир. Аксарият ҳолларда мансаб суиистеъмол қилинганида унинг ҳуқуққа хилофлик хусусияти яққол намоён бўлади, сабаби бу ҳаракатлар айрим қонун нормаларнинг бузилиши билан содир этилади. Назорат ёки тафтиш органлари ходимлари талон-торожни атайлаб яширадилар, аниқланган камомадни тафтиш актларида кўрсатмайдилар, корхона раҳбарлари ғараз мақсадларда молиявий ёки штат интизомини бузадилар; пора эвазига суд ижрочилари мол-мулкни рўйхатга олиш актларини йўқ қилиб юборадилар ва ҳ. Бошқарув тартибига қарши коррупция жиноятлари ичида, давлат ёки жамоат мулкларини вақтинчалик фойдаланишга бериб туриш, ғайриқонуний равишда моддий бойликларни сарфлаб юбориш ёки кераксиз йўналишга сарфлаш, порахўрлик кабилар кўпроқ учрайди. Бундай ҳаракатлар корхона ёки ташкилотлар моддий бойликларининг камайишига сабаб бўлади.

          Мансабдор шахслар ҳуқуқка хилоф ҳаракатларини шунингдек, корхона ёки ташкилот учун ҳарид қилинадиган воситаларга ортиқча сарфлаб юбориш орқали ҳам содир этадилар. Қонунга хилоф равишда даволаниш ёки дам олиш уйларига имтиёзли йўлланмалар сотиб олиш, ходимлар учун қонунга хилоф равишда уй-жой сотиб олиш, дала ҳовлилари учун жойлар олиш, ходимларнинг фарзандлари ўқишлари учун шартнома пуллари тўлаб бериш ва ҳ.

       Коррупция жиноятларида аксарият ҳолатларда жиноий оқибат моддий бўлиб, моддий бойликларнинг камайиши ёки келадиган фойдадан маҳрум бўлишга сабаб бўлувчи бундай хусусиятлар моддий маблағларни бошқаларга бериб юбориш, қарзга бериб туриш, уларни бошқа йўналишларда ишлатиб юбориш, ўз манфаатларини кўзлаб сарфлаб юборишда номоён бўлади.

         Коррупция жиноятлари одатда фақат қасддан содир этилади. Мансабдор шахс келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатни истаб (тўғри қасд), ёки истамасада онгли равишда йўл қўяди (эгри қасд), ёхуд хом ҳаёллик билан бундай оқибатларнинг олдини оламан деб ўйлайди (ўз-ўзига ишониш), ёхуд бундай оқибатларни олдиндан кўра билиш имкониятларига эга бўлсада, лекин англамайди (жиноий бепарволик). Ушбу жиноятларда субъект масаласи ҳам муҳимдир. Коррупция жиноятларининг субъекти жиноят қонунида белгиланган ёшга етган, ақли расо, коррупция билан боғлиқ жиноятни содир этган ҳар қандан жисмоний шахслар бўлиши мумкин. Бошқарув соҳасидаги коррупция жиноятларининг субъектлари мансабдор шахслар ҳисобланади.

        2014 йил 14 майда қабул этилган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-372-сонли қонунининг 7-моддаси асосида Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилган:

       1) 211-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Пора бериш, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали мансабдор шахсга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш:

         энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Пора бериш: а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан; б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

          Пора бериш: а) жуда кўп миқдорда; б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб; в) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса,ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

           Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.»

          2) 212-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

           Ўша ҳаракат: а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210 ёки 211-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан; б) кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида; в) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён бўлган ҳолда содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

         Пора олиш-беришда воситачилик қилиш: а) ҳақ эвазига; б) жуда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида; в) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб; г) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

          Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади».

        Хулоса тарзида шуни айтиш мумкинки, корруция инсоният жамияти тарихи билан узвий равишда ривожланган ва тараққиётга тўсқинлик қилиб келган. Унинг бу даражада томир отиб кетишининг турли сабаблари мавжуд. Унга қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининггина иши бўлиб қолмасдан, жамиятнинг барча аъзолари томонидан амалга оширилгандагина юқори самара беради.

Давлат рақобат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси                                                                                                  Юридик бўлим бошлиғи                                                                                                                                        Ж.Мардонов


Киритилган вақти: 29/11/2018 10:47;   Кўрилганлиги: 24
 
Материал манзили: http://samgkk.uz/news/boshqarma-xabarlari/korruptsiyaga-qarshi-kurash-butun-jamiyat-ishi
Чоп этилган вақт: 22/03/2019 01:31
Ишонч телефони 0 (366) 233-31-33

Йил дастури

Сўровнома

Ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Онлайн тизимлар

 

 

Ўқиш учун ушбу тугмани босинг