Савол-жавоблар

Давлат тасарруфидан чиқариш - давлат корхоналарини ва ташкилотларини хўжалик ширкатлари ва жамиятларига, оммавий мулк бўлмайдиган бошқа корхоналар ва ташкилотларга айлантиришдир.

Хусусийлаштириш - жисмоний шахсларнинг ва давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларнинг оммавий мулки объектларини ёки давлат акцияли жамиятларининг акцияларини давлатдан сотиб олишидир.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг мақсади самарали, ижтимоий йўналишга эга бўлган бозор иқтисодиётини вужудга келтиришдир.

Хусусийлаштиришдан асосий мақсад, хўжалик юритишнинг бозор муносабатлари базавий шароитларини яратиш, яъни ушбуларсиз иқтисодиётнинг нодавлат сектори фаолият юритиши имконсиз бўлган хусусий мулкчилик институтини шакллантириш, иқтисодий ва ҳуқуқий база ва институтционал тузилмани ташкил этишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўзининг “Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида” китобида хусусийлаштириш натижасида энг камида иккита асосий вазифалар ҳал этилиши зарурлигини кўрсатган эдилар: биринчидан - давлат тасарруфидаги мулклар ўзининг ҳақиқий эгасини топиши лозим. Бунда Президент тушунча берганларки, гап мулкчиликнинг механик - давлатдан жамоа, акциядорлик ёки хусусий мулкчиликка ўзгариши тўғрисида кетмаяпди. Гап шу ҳақдаки, мулкларни ҳақиқий, ушбу бойликларни ўз мулки каби тасарруф эта оладиган мулкдорларга бериш тўғрисида кетмоқда. Хусусийлаштириш жараёнларидаги иккинчи муҳим вазифа – бу кўп тармоқли ва рақобат муҳитини рағбатлантирувчи иқтисодиётни вужудга келтириш. 

Иқтисодиётни тузилмавий таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва янада диверсификация қилиш, мамлакатни иқтисодий ривожлантиришда хусусий мулкнинг роли ва улушини ошириш, ўхшаш халқаро амалиёт бўйича корпоратив бошқарувни ривожлантириш, шунингдек ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ушбу асосда юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлаш учун инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ хусусийлаштиришдан асосий мақсад самарали, ижтимоий йўналишга эга бўлган бозор иқтисодиётини вужудга келтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси оммавий мулкини ўзгартиришдир.

Ўзбекистонда бозор муносабатларига ўтишнинг ўзбек модели жиҳатларини инобатга олган ҳолда, давлат мулкларини хусусийлаштириш жараёнларида ҳам ўз тамойиллари ва ёндашувлари ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилмоқда. Улар қуйидагилардан иборат: 

Биринчидан, хусусийлаштиришнинг ваучер (чекли) бепул амалга оширилишидан, хорижий экспертлар республика раҳбариятини ушбу ғояга ундашга қатъий уринган бўлсада, воз кечиш. Дастлаб давлат мулкларини янги мулкдорларга сотиш йўли билан бошқа мулкчилик шаклига айлантиришга эътибор қаратилди. Бунда, фақатгина ижтимоий инфратузилма ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш объектлари истисно этилди.

Хусусийлаштиришнинг тўлов асосида амалга оширилишининг қабул қилиниши бир неча жиҳатларга боғлиқ эди:

  • психологик ёндашув, негаки бупул олинганларни лозим даражада асрамайдилар ва қадрига етмайдилар;
  • кўплаб авлодлар меҳнати эвазига бунёд этилган давлат мулкларини барча аҳоли ўртасида тенг тақсимлашда вужудга келадиган ижтимоий ноҳақликларга йўл қўймаслик зарурияти;
  • сармояларни ваучер (чек)ларга йўналтиришнинг фойдаси ҳақида аҳолининг асосий қисмида аниқ тушунчалар мавжуд эмаслиги.

Иккинчидан, хусусийлаштиришни ишлаб чиқариш ва бошқарув тузилмасида вужудга келган майдалаштириш ва монополиядан чиқариш муаммоларини ҳал этиш билан комплекс тарзда амалга ошириш;

Учинчидан, хусусийлаштиришнинг босқичма-босқич ва дастурий ёндашув асосида амалга оширилишини таъминлаш. Бу изчил ишлаб чиқилган, иқтисодий ислоҳотларнинг ҳар бир босқичи вазифаларидан келиб чиқиб, республика, тармоқ ва ҳудудий хусусийлаштириш дастурлари асосида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнлари ривожланишини ошкора ва тизимли амалга оширилишига имконият яратди. 

Биринчи босқич (1992-1993 йиллар)да “майда хусусийлаштириш” номини олган даврда давлат уй-жой фонди, савдо, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш кичик корхоналари, маҳаллий саноат ва иқтисодиётнинг баъзи бошқа тармоқлари хусусийлаштирилди.

1994 йилдан бошлаб бозор инфратузилмасини, шу жумладан инвестицияларни жалб этиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантириш давом эттирилди.

Кейинги босқичнинг алоҳида жиҳатлари саноатнинг барча тармоқларида халқ хўжалиги объектлари ва корхоналарини, базавий ва стратегик корхоналардан ташқари ялпи хусусийлаштириш билан гавдаланади. Кўчмас мулк ва қимматли қоғозлар бозори ҳам жадал ривожланди. 

Корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига фуқаролар, давлатга тааллуқли бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва бошқа давлатларнинг юридик шахслари, меҳнат жамоалари оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар эгадирлар.

Буюртма оммавий мулк объектларини тасарруф этувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

Давлат активларини сотиш юзасидан давлат органи ёки хўжалик бошқаруви органи, балансда сақловчи, нодавлат юридик ёки жисмоний шахс томонидан давлат активларини сотиш учун Давлат рақобат қўмитаси ёки ҳудудий органга тегишлича таклифлар ёки буюртманомалар бериш йўли билан ташаббус кўрсатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг республика мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки ваколат берган давлат бошқаруви идораларига берилади.

Муниципал мулк объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳуқуқи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларига берилади.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий мулкини республика мулкига ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкига (муниципал мулкка) ажратишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан амалга оширади.

“Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси 2-бандига асосан, қуйидаги давлат мулки объектлари давлат тасарруфидан чиқарилмайди ва хусусийлаштирилмайди:

1) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида ер (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;

2) маданий мерос объектлари, давлат фондларини киритган ҳолда, шу жумладан китобларнинг, кино, фото- ва фоноҳужжатлар, архивлар ва илмий-тадқиқот муассасаларининг фондлари, музейлар ва музей бойликлари, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;

3) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, валюта захирасининг, давлат мақсадли жамғармаларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маблағлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг олтин захираси;

4) пул муомаласи бўйича хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотлари, қимматли қоғозларни, орденларни, медалларни ва почта тўлови белгиларини ишлаб чиқаришни таъминловчи корхоналар ва ташкилотлар;

5) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ва Ички ишлар вазирлигининг корхоналари, муассасалари ва ҳарбий-техникавий мол-мулки (саноатда қайта ишлов берилгунига қадар, шунингдек саноатда қайта ишлов берилиши мумкин бўлмаган мол-мулк);

6) ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб борувчи, рентген ускуналари, асбоб-ускуналар ва жиҳозларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

7) радиоактив моддаларни кавлаб олиш, ишлаб чиқариш, ташиш, қайта ишлашни, радиоактив чиқиндиларни кўмиш, уран ва бошқа бўлинувчи материалларни, шунингдек улардан ясалган буюмларни реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

8) қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, ҳимоя воситалари, ҳарбий техника, эҳтиёт қисмлар, бутловчи қисмлар ва улар учун асбоб-ускуналар, портловчи моддалар, пиротехника маҳсулотлари, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материаллар ва ускуналар ишлаб чиқиш, тайёрлаш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар;

9) овчилик ва спорт соҳасида фойдаланиладиган ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар, шунингдек тиғ қурол (совға тарзидаги миллий пичоқлар бундан мустасно) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

10) кучли таъсир этадиган заҳарлар, гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар ишлаб чиқарувчи, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар бўлган экинлар экувчи, етиштирувчи ва уларга қайта ишлов берувчи корхоналар;

11) Ўзбекистон Республикасининг давлат захиралари. Фуқаро муҳофазаси ва сафарбарлик мақсадидаги объектлар ҳамда мол-мулк;

12) атом энергетикаси объектларини (ускуналари, тизимлари ва аппаратларини ўрнатиш) ва стратегик аҳамиятдаги объектларни қуриш ва монтаж қилиш ишларини олиб бориш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлашни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар ва ташкилотлар;

13) портлаш хавфи бўлган ва заҳарли моддаларни ташишни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар;

14) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;

15) санитария-эпидемиология станциялари. Суд-тиббий экспертизаси бюролари. Атроф-муҳит ҳолатини назорат қилувчи ҳамда табиатни муҳофаза қилувчи хизматлар;

16) даволаш-ишлаб чиқариш устахоналари, жазони ижро этиш муассасаларининг корхоналари;

17) махсус вазифаларни бажарадиган корхоналар (Республика махсус алоқа узели, 15361 рақамли Ҳарбий қисм, Электромагнит мослик маркази);

18) қабристонлар.

Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

-давлат корхонасини хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантириш;

-давлат мол-мулкини танлов йўли билан ва кимошди савдосида давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларга ва жисмоний шахсларга сотиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкин.

Давлат мулкларини хусусийлаштириш (сотиш) усуллари:

- биржа савдолари;

- очиқ ва ёпиқ аукционлар ҳамда танловлар ўтказиш;

- тўғридан-тўғри музокаралар (оферта) ўтказиб сотиш бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 279-сонли қарорига мувофиқ давлат мулкини Хусусийлаштириш комиссияси Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи томонидан тузилади.

Комиссия таркибига Давлат рақобат қўмитаси ёки ҳудудий орган вакиллари билан бир қаторда:

  • балансда сақловчи;
  • молия органи;
  • давлат солиқ хизмати органи;
  • хизмат кўрсатувчи банк;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
  • “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг ваколатли вакиллари;
  • бошқа мутахассислар (зарур бўлганда) киритилади.

Комиссия фаолиятига раҳбарлик қилишни ва унинг ишини ташкил этишни Давлат рақобат қўмитаси ёки ҳудудий орган томонидан ўз ходимлари орасидан тайинланадиган Комиссия раиси амалга оширади.

Комиссия раиси ўз ваколатлари доирасида:

  • Комиссия аъзоларига Комиссия фаолияти масалалари бўйича топшириқлар бериш;
  • Давлат рақобат қўмитаси ёки ҳудудий органга Комиссия иши регламентини мунтазам бузаётган айрим Комиссия аъзоларини, уларни тегишлича алмаштирган ҳолда Комиссия таркибидан чиқариш масалаларини кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга.

Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдоларини ўтказувчи Давлат комиссиясининг қарорлари бўйича сотиладиган корхона ва объектлар бўйича, шунингдек хусусийлаштирилган корхоналарнинг акцияларини (улушларини) сотишда Комиссия тузиш талаб этилмайди.

Давлат активларининг қийматини баҳолаш хатлов натижалари бўйича корхонанинг мавжуд мол-мулки ва унинг амалдаги ҳолатидан келиб чиқиб, Мол-мулкни баҳолаш миллий стандартларига мувофиқ белгиланади.

Баҳолаш, қоидага кўра, уч усул билан, яъни:

- харажат;

- даромад;

- қиёсий сотувлар билан амалга оширилади.

Баҳолашнинг уч усулидан бирини қўллаш мумкин бўлмаган тақдирда баҳоловчи у ёки бу усулни қўллаш рад этилишинизарур равишда асослаши керак.

Давлат кўчмас мулк объектининг савдоларга қўйишдаги бошланғич нархи сотувчи (Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи) томонидан баҳоловчи ташкилотнинг давлат кўчмас мулк объектининг қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботида ҳамда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижалари тўғрисидаги эксперт хулосасида аниқланган миқдорда белгиланади.

Давлат корхоналарини хусусийлаштириш натижасида хўжалик жамияти, ўртоқлик жамияти, кооперативлар, хусусий корхоналар ва бошқалар ташкил этилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасида ташкил этиладиган хўжалик жамиятларининг энг кўп тарқалган тури акциядорлик жамияти, масъулияти чекланган жамият.

Хўжалик жамиятларининг ўртоқлик жамиятларидан асосий фарқи шундаки, ўртоқлик жамияти бу шахсларнинг бирикиши бўлса, жамият бу капиталларнинг жамланишидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 21 июлдаги “Баъзи Республика комиссиялари ва кенгашлари таркиблари ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги ПҚ-423-сонли қарорига асосан Комиссиянинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек жалб қилинган хорижий эксперт компаниялар ва маслаҳатчи-консультантларнинг сотишдан олдинги тайёргарлик ҳамда якка тартибдаги лойиҳалар бўйича хусусийлаштириладиган объектларни сотиш масалалари бўйича биргаликдаги фаолиятини ташкил этиш;

ошкоралик, баҳолашнинг холислиги ва талабларнинг ягоналиги асосида тендер қатнашчилари учун тенг рақобат шарт-шароитлари яратиш;

тендер савдолари асосида сотиладиган корхоналарнинг давлат активларини харид қилишга талабгорларнинг энг манфаатли таклифлари танловини ўтказиш;

давлат корхоналарини хорижий инвесторлар иштирокида хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга йўналтирилган Президент ва Ҳукумат ҳужжатларининг сўзсиз бажарилишини ташкил этиш, республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни, айниқса тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб қилиш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини янада ривожлантириш ва ошириш;

сансалорлик, бюрократизмнинг пайдо бўлиши ва объектларни хусусийлаштириш, шу жумладан хорижий инвесторлар иштирокида хусусийлаштириш ҳамда акциялар пакетларини ва корхоналарни тўлиқ танлов (тендер) савдолари ғолибларига сотишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш муддатлари чўзиб юборилиши ҳолларини бартараф этиш;

иқтисодиёт тармоқларида Давлат комиссияси қарорлари қабул қилинган хусусийлаштирилган корхоналар ва объектларнинг фаолияти устидан мониторинг ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 279-сонли қарори билан “Давлат мулки объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан “нол” харид қиймати бўйича сотиш тартиби белгиланган:

-“нол” харид қиймати бериладиган давлат мулки объектлари рўйхати:

аукцион ёки танлов ўтказиш ва офертага таклиф этиш якунларига кўра илгари сотилмаган давлат мулки объектлари қаторидан;

Ҳудудий танлов комиссияси туман (шаҳар) ҳокимликлари ва (ёки) давлат мулки объектини балансда сақловчиларнинг ишчи орган томонидан тақдим этилган таклифларини уларнинг қуйидаги мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мувофиқлигини кўриб чиқади:

корхонанинг шаҳар ташкил этувчи ва республика учун стратегик аҳамиятга эга эмаслиги;

аукционлар ёки танловлар ўтказиш ва оферта қилишга таклифномалар якунларига кўра илгари сотилмаган давлат мулки объектлари;

корхонанинг ишламаётганлиги, сурункали зарар кўриб ишлаши, паст рентабеллилиги (5 фоиздан юқори бўлмаган), иқтисодий ночорлиги ва тўловга қодир эмаслиги;

давлат мулки объектида муҳандислик коммуникацияси турларидан (газ таъминоти, электр таъминоти, сув таъминоти, канализация, кириш йўллари) бирининг ёки бир нечтасининг мавжуд эмаслиги;

аҳоли пунктидан ташқарида жойлашганлиги;

икки йилдан ортиқ бўш турганлиги ёки фойдаланилмаётганлиги;

қурилиши тугалланмаганлиги ва қурилишни тугатиш учун молиялаштириш манбаига эга эмаслиги;

тугатиш жараёнида сотилмаганлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилганлиги;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган паст ликвидли объектларга, кейинчалик хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ташкил этиш учун аниқ инвестиция мажбуриятлари қабул қилиш шарти билан, хорижий инвесторлардан буюртманома мавжудлиги.

-Ҳудудий танлов комиссияси давлат мулки объектларининг тайёрланган рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасига Рўйхат билан бирга Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланган шакл бўйича давлат мулки объектларининг камида тўртта фотосурати илова қилинган паспорти тақдим этилади.

-Давлат рақобат қўмитаси ушбу Низомга 2 ва 3-иловаларга мувофиқ шакл бўйича давлат мулки объектларининг рўйхатини тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Давлат тендер комиссиясига киритади.

-Давлат мулки объектларининг тақдим этилган рўйхатини кўриб чиқиш натижалари бўйича Давлат тендер комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

давлат мулки объектларини сотишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида;

давлат мулки объектларининг рўйхатини тасдиқлаш ва хусусийлаштириш дастури бўйича таклифлар тайёрлаш тўғрисида.

-Хусусийлаштириш дастури манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Давлат рақобат қўмитаси томонидан тайёрланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

-Хусусийлаштириш дастури Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган хусусийлаштириш дастурларига киритилади.

-Тасдиқланган хусусийлаштириш дастурига мувофиқ Давлат рақобат қўмитаси томонидан ҳудудий танлов комиссияларига танлов шартларини келишиш учун тақдим этиш тўғрисида сўровнома юборилади.

-Танлов шартларида қуйидагилар бўлиши керак:

фаолиятнинг тавсия этиладиган (давлат мулки объектидан фойдаланиш) шакли;

инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг энг кам миқдори;

инвестицияларни киритиш муддати;

яратиладиган иш ўринлари сони;

қатнашчиларга талаблар;

бошқа мажбуриятлар (зарурият бўлганда).

-Ҳудудий танлов комиссиялари тақдим этган танлов шартлари Давлат рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилади.

-Тасдиқланган танлов шартларини Давлат рақобат қўмитаси тасдиқлаш учун Давлат тендер комиссиясига киритади.

Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланган танлов шартларини Давлат рақобат қўмитаси томонидан улар тасдиқлангандан кейин беш иш куни мобайнида ҳудудий танлов комиссияларига юборилади.

-Танлов ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш учун сотувчи:

танлов таклифлари бўлган конвертларни очишнинг белгиланган муддатидан камида ўттиз кун олдин "Биржа" газетасида ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг даврий босма нашрларида, шунингдек Давлат рақобат қўмитасининг веб-сайтида танлов ўтказилиши тўғрисида хабарнома (кейинги ўринларда танлов тўғрисида хабарнома деб аталади) чоп этади;

-танлов тўғрисида хабарнома эълон қилингандан кундан кейин олти ой мобайнида танлов таклифлари мавжуд бўлмаганда Давлат рақобат қўмитасига ҳудудий танлов комиссияларининг танлов шартларини (инвестициялар суммаси ва уларни киритиш муддатлари, иш ўринлари сони ва (ёки) бошқа мажбуриятлар) ўзгартиришга доир таклифларини киритади;

Танлов таклифларини эксперт жиҳатидан баҳолаш танлов ҳужжатларида белгиланган шартларда амалга оширилади. Бунда тушган таклифларни баҳолаш учун ИИГ ёки Давлат тендер комиссияси бошқа экспертларни қўшимча равишда жалб этиши мумкин.

-Танлов таклифларини эксперт жиҳатидан баҳолаш ҳудудий танлов комиссияси томонидан танлов ҳужжатларида белгиланган шартларда амалга оширилади. Бунда келиб тушган танлов таклифларини баҳолаш учун ҳудудий танлов комиссияси томонидан бошқа экспертлар қўшимча жалб этилиши мумкин.

- танлов ўтказиш якунлари бўйича ҳудудий танлов комиссияси томонидан тегишли равишда танлов баённомаси расмийлаштирилади, баённомада танловнинг барча қатнашчилари, уларнинг таклифларининг мазмуни ва ғолибни танлаш тўғрисидаги қарор кўрсатилади. Баённома ҳудудий танлов комиссияси йиғилишида қатнашган унинг аъзолари томонидан имзоланади ҳамда ҳудудий танлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

- ҳудудий танлов комиссиясининг танлов натижалари тўғрисидаги қарори асосида баённома тасдиқлангандан кейин 20 кундан кечикмай сотувчи ва танлов ғолиби деб эътироф этилган қатнашчи ҳамда балансдасақловчи ўртасида давлатмулки объектининг олди-сотди шартномаси тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сонли “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 279-сонли қарорига давлат мулки объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан "нол" харид қиймати бўйича сотиш шатлари тасдиқланган хусусийлаштириш Дастурларига мувофиқ Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Харидор томонидан давлат активларини олди-сотди шартномаси шартларини бажарилишини назорат қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 279-сонли қарорига асосан тартибга солинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига асосан жамият иштирокчилари жамият иштирокчисининг улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсга таклиф қилинадиган баҳо бўйича ўз улушлари миқдорларига мутаносиб равишда сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан, агар жамиятнинг уставида ёки жамият иштирокчиларининг келишувида мазкур ҳуқуқни амалга оширишнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, фойдаланадилар. Агар жамиятнинг бошқа иштирокчилари улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олишда ўзларининг имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланмаган бўлсалар, жамият ўзининг иштирокчиси томонидан сотилаётган улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. 

Хусусийлаштирилаётган давлат мулки объектларига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат бу “Мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордери” ҳисобланади ва ва у Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан берилади.

Рақобат муҳитини ривожлантириш учун қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ва зарур шарт-шароитларни шакллантириш, товарлар (ишлар, хизматлар) бозорларида, биринчи навбатда ички истеъмол бозорида ва реклама соҳасида ноҳалол рақобатчиликка чек қўйиш чора-тадбирларини амалга ошириш, жамоат тузилмалари билан яқиндан мувофиқлаштирилган ҳолда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўллаш натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.

Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
  • товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;
  • товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;
  • ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;
  • бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;
  • истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.

Давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиш ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек судлар таъминлайдилар.

Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди.

Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.

Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:

  • истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширадилар;
  • истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши масалалари юзасидан расмий тушунтиришлар берадилар;
  • истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш аломатлари аниқланган тақдирда, ишлаб чиқарувчидан (ижрочидан, сотувчидан) зарур ҳужжатлар, тушунтиришларни ва бошқа ахборотни сўраб оладилар;
  • истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузаётган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига (ижрочига, сотувчига) кўрсатма юборадилар;
  • истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат этишга ҳақлидирлар;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.

“Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги; Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси; Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилувчи бошқа давлат бошқаруви органлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органларидир. Улар маҳсулотлар (иш, хизматлар) сифати ва хавфсизлиги устидан назоратни амалга оширади.

Товар (иш, хизмат) ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги бундай товар (иш, хизмат)ни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгар бўлади.

Ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт эканлиги қонун ҳужжатларида белгиланган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, яроқлилик муддати ўтган товарларни реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаганлик, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, товарларни (ишларни, хизматларни) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик, норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

Истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи товар ишлаб чиқарганлик (иш бажарганлик, хизмат кўрсатганлик) учун қонун ҳужжатларига мувофиқ:

  • ишлаб чиқарувчи (ижрочи);
  • норматив ҳужжатларни тасдиқлаган орган;
  • мувофиқлик сертификати берган орган;
  • соғлиқни сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш, ветеринария хизмати органлари ёки хавфли товар (иш, хизмат)ни ишлаб чиқариш ёхуд реализация қилишга рухсат берган бошқа органлар жавобгар бўлади.

Табиий монополия субъектлари томонидан нархлар (тарифлар) ўзгарганлиги бўйича улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.

Айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак. Чўл ва олис жойларда, товарлар вақти-вақти билан олиб бориладиган жойларда истеъмолчининг бундай талаби ушбу жойларга навбатдаги товар етказиб бериш учун кетадиган муддат ичида, лекин икки ойдан кечиктирмай қондирилиши лозим.

Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади.

Бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот – реклама ҳисобланади.

Қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблардир.

Ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади.

Нотўғри реклама тақиқланади.

Қуйидаги реклама тақиқланади:

  • фақат вояга етганларга мўлжалланган ёки вояга етмаганларнинг олиши ёхуд истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотни вояга етмаганлар истеъмол қилаётган ёки ундан фойдаланаётган тасвир туширилган реклама;
  • вояга етмаганларни маҳсулот олишга ёки реклама қилинаётган маҳсулотни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга даъват қилувчи реклама;
  • ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланилган реклама.

Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Жумладан, реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи - юридик шахсларнинг мансабдор шахслари, реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи - жисмоний шахслар нотўғри реклама берганлик, аксилреклама беришдан бош тортганлик, реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини тугатиш ҳақидаги кўрсатмани ўз вақтида бажармаганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик, реклама ахборотига тааллуқли ҳужжатлар ва материалларни ваколатли давлат органига белгиланган муддатда тақдим этмаганлик ёки атайин нотўғри маълумотлар такдим этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 5.08.2000 йилдаги 307-сонли қарорига асосан, импорт бўйича келтириладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари, товар етказиб беришда қатнашувчи воситачиларнинг сонидан қатъи назар, сотиб олиш қийматининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда улгуржи-чакана савдо устамаси қўлланган ҳолда сотилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.04.2010 йилдаги 1325-сонли қарорининг 2-иловасига асосан, авиа ва темир йўл, автовокзал ва автобекат кассалари, автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчалари, меҳмонхоналар, кредит ва суғурта ташкилотлари, турғун савдо шаҳобчалари, дорихоналар, умумий овқатланиш объектлари, автотранспортларни вақтинчалик сақлаш жойлари, алоқа бўлимлари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари ва аҳоли билан пул ҳисоб-китоблари муомаласини амалга оширувчи бошқа хўжалик субъектлари терминаллар билан жиҳозланиши лозим.

Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ва уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.

 
Ишонч телефони 0 (366) 233-31-33

Йил дастури

Сўровнома

Ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Онлайн тизимлар

 

 

Ўқиш учун ушбу тугмани босинг